“Самарқанд вилоятининг ўқувчиларни касбга ўргатиш тажрибасини оммалаштириш ва педагогика олийгоҳлари ўқув режа ва дастурларини Президент мактаблари дастурларига мослаштириш” мавзусида учрашув бўлиб ўтди

5 сентябрь 2023 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида “Самарқанд вилоятининг ўқувчиларни касбга ўргатиш тажрибасини оммалаштириш ва педагогика олийгоҳлари ўқув режа ва дастурларини Президент мактаблари дастурларига мослаштириш” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одил Абдураҳмонов, вазир Ҳилола Умарова ҳамда видеоселектор орқали Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари иштирок этишди.

Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари:

- “Бу йилдан 500 та мактабда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг баҳолаш ва дастурларини жорий этмоқчимиз. Президент мактабларига бу йилги қабул жараёнларида 1 та ўринга 200 та боланинг тўғри келгани ҳам бу тизимнинг нақадар самарали эканини кўрсатиб бермоқда”.
“Мактабдаги таълим тизими ўқитувчиларнинг малакасига боғлиқ. Шундай экан, уларнинг касбий ривожланиши доимо диққат марказимизда бўлиши керак”.

“Бу йил юртимизга хорижий тилларни ўқитиш мақсадида 500 га яқин “тил эгалари” келмоқда. Бу биринчи қадам холос, ушбу лойиҳа ҳали давом этади. Аммо, хорижий тилни ўқитаётганда ўқитувчилар салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз лозим”.

“Ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳоким, ота-она ва мактаб ўртасида уч томонлама шартнома имзолаш жорий этилмоқда”.

Ҳилола Умарова, Мактабгача ва мактаб таълими вазири:

- “Касбга ўқитишни жорий қилишда катта-катта корхона раҳбарлари билан тизимни интеграция қилиш, ҳозирги бозорда қандай мутахассисларга талаб мавжудлигини ўрганиш керак”.
“Энди малака ошириш институтлари Республика бўйлаб бир хил стандард асосида ташкил этилади”.

Маълумот учун, айни вақтда Қорақалпоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳри ва ҳудудий Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани 32-сонли мактабда бўлиб, мазкур мактаб тажрибасини ўрганиш учун йиғилишди.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 32-мактабда ўқувчиларни 7- синфдан бошлаб маҳалла ва туманда талаб юқори бўлган ветеринар, агроном, мева-сабзавот қуритиш, ипакчи, мебелчи, автомобил устаси каби 15 та касб-ҳунарга ўргатиш ва 2 та чет тилини ўқитиш йўлга қўйилган.

Эътиборлиси, ушбу лойиҳа доирасида ўқувчилар бу ерда ўқиш, касб ўрганиш  билан бир қаторда қўшимча даромад топиш имконига эга бўлиб келмоқдалар.

Самарқанд вилояти Оқдарё тумани 32-мактабда тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчиларни касбга ўқитиш тажрибаси бутун Республикада татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu