Илк бор ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро информатика олимпиадасида ғалаба қозонди - Терма жамоамиз ҳисобида 2 та бронза

3 сентябрь 2023 йил
image

Тўрт нафар иқтидорли ўқувчимиз Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтган 35-Халқаро Информатика Олимпиадасида иштирок этаётгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.

Олимпиада натижаларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор энг нуфузли халқаро информатика олимпиадасида илк медалларни қўлга киритди.

Ғолиб ўқувчиларимиз билан танишинг:

Дилёрбек Валижонов-Андижон шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси;

Дилшодбек Хўжаев -Тошкент шаҳридаги Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси.

Айтиш жоизки, жорий йилда мазкур Халқаро олимпиадага Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда юқори даражада тайёргарлик кўрилди.

Илк бор терма жамоа аъзоларини тайёрлаш учун халқаро тренер жалб қилинди. (https://t.me/uzedu/21003) Информатика олимпиадаси олтин медали соҳиби, Полша ёшлар информатика олимпиадаси бош координатори Бартосз Костка томонидан 10 кун давомида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган интеллектуал оромгоҳ мажмуасида ўқувчиларни тайёрлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бронза медалини қўлга киритган ўқувчилар базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (66 млн сўм), устози 150 баравар (49,5 млн сўм) пул мукофотлари билан тақдирланади.

Бундан ташқари, Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМларга грант асосида ўқишга қабул қилиниб, кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритадиган бўлса лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама олади.

Маълумот ўрнида жорий йилда энг нуфузли 5 та халқаро олимпиадада ўқувчиларимиз 13 та медални қўлга киритдилар. Бу мамлакатимиз тарихидаги энг яхши кўрсаткич.

Ўқувчиларимиз, уларнинг устозлари ҳамда терма жамоамизнинг ҳар бир аъзосини ғалаба билан муборакбод этамиз.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu