Kundalik.com рақамли таълим платформаси ўз фаолиятини “ eMaktab.uz ” сифатида давом эттиради

29 август 2023 йил
image

Хабарингиз бор, сўнгги йилларда мактаб таълимини рақамлаштиришнинг жадал суръатлар билан давом этиб келаётгани соҳа ходимлари ва ўқувчилар учун катта қулайликлар яратиш баробарида, тизимдаги ортиқча қоғозбозликни 70 фоизгача қисқартирилишига замин яратди.

Мисол сифатида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этила бошланган электрон Кундалик тизими ўтган вақт давомида ота-оналар ва ўқитувчилар томонидан илиқ қабул қилинди.

Айни вақтга қадар энг машҳур таълим платформасига айланган ушбу тизимдан республикамизнинг 10 мингдан ортиқ мактабларидаги ўқитувчи ва ўқувчилар фойдаланади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги шу ўринда Kundalik.com платформаси ўз фаолиятини “UZ” миллий доменида “eMaktab.uz” сифатида давом эттиришини маълум қилади.

Бугун Ўзбекистондаги барча мактаблар қоғоз кундаликлардан воз кечиб, электрон Кундалик тизимига ўтиб бўлди. Электрон журнал ва кундаликлар жорий этилгач, мактабларнинг янги компьютер ва интернет технологиялари билан таъминланишига имкон яратди.

Сўнгги тўрт йилда Kundalik.com платформаси томонидан фойдаланувчиларга қулайлик яратиш, рақамлаштиришни ривожлантириш учун қўшимча хизматлар ишлаб чиқилди. Ўқитувчи, ота-оналар ва ўқувчилар учун мобил илова яратиш, баҳоларни батафсил таҳлил қилиш, фанларни мустақил ўрганиш, дарсларга тайёргарлик кўриш ва олимпиадаларнинг мактаб босқичларини ўтказиш хизматлари шулар жумласидандир.

 

Мазкур янги платформа вазирлик ва “Кундалик” давлат-хусусий шериклиги қўшма ҳамкорлигининг мантиқий давоми ҳисобланади. У юртдошларимизга қулайлик яратиш баробарида электрон журнал ва кундаликлар тизимини Ўзбекистондаги давлат хизматлари қаторига киритади. Платформа фуқароларга давлат таълим хизматларини кўрсатишда давом этади.

Айтиш жоизки, 2023-2024 ўқув йили давомида танлаб олинган умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этиш ҳамда мазкур мактабларда ўқувчиларнинг билимини баҳолашнинг янги тартиби тажриба-синов тариқасида ўтказилади. Шу муносабат билан янги электрон дастурни техник жиҳатдан қайта такомиллаштириш кўзда тутилган.

Янги баҳолаш тартиби икки турдаги баҳолашга асосланади: форматив ва сумматив.

Форматив баҳолаш — ўқувчиларнинг муваффақиятини кузатиш учун ўқув йили давомида ўтказилади. Бу ўқитувчиларга фикр-мулоҳазаларини билдиришда ёрдам беради ва ўқувчиларни ўрганишга йўналтиради.

Сумматив баҳолаш ўқув йили ёки ўқув даври охирида ўтказилади. У ўқувчиларнинг ўқув режасидаги умумий ютуқларини баҳолаш имконини беради.

Шу ўринда эслатма: “eMaktab.uz” платформасига обуна бўлиш нархи ўзгаришсиз қолмоқда: йиллик 7 минг сўм. Тизимнинг қўшимча таълим хизматларини ота-оналар ўз хоҳишига кўра харид қилишлари мумкин. Электрон тизимнинг барча мобил иловалари номи ҳам босқичма-босқич ўзгартирилади.

Шу ўринда статистикага назар солсак: қоғозсиз ҳужжат алмашинувга ўтиш натижасида мактаблар йилига 255 минг тонна қоғоз иқтисод қилмоқда. Ўртача олганда бу 5,9 млн кундалик, 234 минг журнал ҳамда 1,8 млн ўрамдаги А4 форматдаги қоғоз дегани. Электрон журнал ва кундаликларга ўтишнинг иқтисодий самараси йилига 0,58 млн АҚШ долларни ташкил қилади. Бундан ташқари 2,3 млн АҚШ доллари маълумотларни қайта ишлаш маркази тизимида бюджет маблағларини тежаш имконини беради.

 

Ҳозирги вақтда Kundalik.com платформасида:

564 398 нафар ўқитувчи;

6,2 миллион нафар ўқувчилар;

5 миллион нафар ота-оналар рўйхатдан ўтган.

 

Электрон кундаликнинг:

Kundalik.Family иловасини юклаб олган фойдаланувчилар сони 1 миллиондан ортиқ;

Kundalik.Teacher иловасини юклаб олганлар сони ҳам худди шунча (1 млн)ни ташкил қилади.

Ўтган ўқув йилида ўқитувчилар томонидан электрон журнал тизимига 2 млрд марта баҳо қўйилган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, электрон баҳолаш тизимининг энг асосий кўрсаткичи, ўқитувчи электрон журнал юритиши натижасида бир чоракда 20 соат вақтини тежаб, ушбу вақтни ўзи ва ўқувчилари билан ишлаш учун сарфлаш имконига эга бўлди.

Тизимнинг яна бир асосий афзалликларидан бири, бу —  баҳолаш тизимидаги локал коррупциянинг йўқолиши бўлди. Яъни марказлашган рақамлаштириш тизимида баҳоларни ўзгартирилиши назорат қилиб борилади. Ва энг асосийси, ота-оналар фарзандининг ўзлаштириш кўрсаткичини онлайн режимда дунёнинг исталган нуқтасидан кузатиб, бу орқали фарзандининг таълим олишини назорат қилиш имконига эга бўлди.

“eMaktab.uz” платформаси орқали ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналар учун кўрсатиладиган хизмат турларини такомиллаштириб бориш доимий равишда олиб борилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu