Жорий йилнинг 27-28 январь кунлари Халқ таълими вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича минтақавий бошқармаси ҳамкорлигида Наманган ва Фарғона шаҳрида халқ таълими тизими умумтаълим мактабларининг ўқитувчи ва ўқувчилари учун қонун устуворлиги, жиноятчиликнинг олдини олиш ва одил судловни қўллаб-қувватлаш маданияти ҳамда спорт орқали 13-18 ёшли болалар ўртасида жиноят, зўравонлик ва наркотик моддаларни истеъмол қилишни олдини олиш, шу жумладан, ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди. Доха декларациясини амалга ошириш бўйича Глобал дастурининг «Адолат учун таълим» ташаббуси доирасида 27 январь куни Наманган шаҳридаги 1-сонли умумтаълим умумтаълим ҳамда 28 январь куни Фарғона шаҳридаги 41-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида ташкил этилган семинар-тренинг орқали ўқитувчилар ўз педагогик фаолиятларида ўқувчиларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, мазкур йўналишда вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, уларнинг жамиятда ҳуқуқбузарлик профилактикаси масалаларида фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш ва уни ҳаёт давомида қўллаш кўникмаларини ривожлантириш бўйича тавсияларга эга бўлдилар.
Шу билан бирга, 27 январь куни Наманган шаҳридаги 11-сонли ҳамда Фарғона шаҳридаги 13-сонли умумтаълим мактабларида Халқ таълими вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича минтақавий бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ҳаётга қўшил» дастурининг 10-сессияси бўлиб ўтди.
Тадбирда «Ҳаётга қўшил» дастурининг барча босқичларида фаол иштирок этган ўқувчи ва ёшлар маҳаллий педагог-тренерлар томонидан махсус сертификат ва совғалар билан тақдирландилар.