Сайт тест режимида ишламоқда

Қандай болалар инклюзив таълимга қамраб олинади ва қабул жараёнлари қандай амалга оширилади?

25 июль 2023 йил
image

Болаларни инклюзив мактабга қабул қилиш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар яшаш жойидаги ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Психологик-тиббий-педагогик комиссияга мурожаат қилади.

Болалар инклюзив мактабга Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига асосан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан ўқув йили давомида қабул қилинади.

Инклюзив мактабларга бошқа вилоят ҳудудидан келаётган болалар мактаб жойлашган ҳудуднинг психологик-тиббий-педагогик комиссияси йўлланмасига асосан қабул қилинади.

 

Болани инклюзив мактабга жойлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

1) ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;

2) психологик-тиббий-педагогик комиссияси хулосаси;

3) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

4) таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

5) ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, ўқувчига якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

6) ўқувчининг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал (тўлиқ) кўчирма.

 

Инклюзив мактабларга қандай болалар қабул қилинади?

Инклюзив мактабларга эшитишда нуқсони бўлган болалар (эшитиш қобилиятининг йўқотилиши 60 Дб гача бўлган ривожланишида қўшимча бузилишлар бўлмаган болалар);

кўришда нуқсони бўлган болалар (кўриш қобилиятининг бузилиши 0,1 гача бўлган ривожланишида қўшимча бузилишлар бўлмаган болалар);

соматик касалликлар (психофизик ва нутқнинг ривожланиш даражаси ёшига мос келадиган болалар);

нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар (интеллектуал ривожланишнинг сақланиб қолинган болалар, алалия, дислалия, афазия, ринолалия, дизартрия, психик-нутқий ривожидаги сустлик, дудуқланиш);

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар (болалар серебрал фалажи, сколиоз, полиомиелит, миопатия, остеомиелит, ампутация, бўй ўсишининг етишмовчилиги — паканалик);

ақлий ривожланиши сақланган ҳолдаги таянч-ҳаракат тизимидаги бузилиши бўлган болалар;

ақлий ривожланиши сақланган ёки руҳий ривожланишда орқада қолган болалар (ўзи ҳаракат қила оладиган ёки қўшимча мосламалар ва ногиронлик аравачасида ҳаракатлана оладиган болалар серебрал фалажи);

интеллектуал ривожланишнинг потенциал бузилмаган имкониятлари билан руҳий ривожланишда орқада қолган болалар;

хулқ-атвор ва руҳиятнинг қўпол бузилишларисиз аутистик спектри бузилган болалар;

интеллектуал ривожланиши сақланиб қолинган, тутқаноқ ҳолатида бўлган болалар (агар бола антиконвулсант дорисини қабул қилганда, тутқаноқ 1 ойда 1 мартадан ошмаган пайтда).

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu