МАСЪУЛЛАР ИШТИРОКИДА ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ "ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ" МУҲОКАМА ҚИЛИНМОҚДА

20 июль 2023 йил
image

МАСЪУЛЛАР ИШТИРОКИДА ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ "ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ" МУҲОКАМА ҚИЛИНМОҚДА

Айни вақтда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Умумтаълим мактабларида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш, истиқболдаги режаларни белгилаб олиш” мавзусида Республика ўқув-семинари бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ўртасида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан истиқболдаги режаларни белгилаб олишдан иборат.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги масъуллари ўз нутқи билан иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов:

-  Тарбияга барча - ўқитувчи, ота-она ва жамият бирдек масъулдир. Бу борада сабабларни тўғри баҳололмаганимиз, амалга оширилаётган ишлардан натижа ололмаганимиз туфайли ҳозирги нуқтага келиб қолдик. Жаҳонда рўй бераётган ўзгаришлар фонида маънавият ва тарбия масаласи янада муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Бизнинг келажакка қўйган режаларимиз, интилаётган марраларимиз жуда катта. Бу йўлда эса маънан баркамол, ватанпарвар ёшларга эҳтиёжимиз бор. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова:

- Бу семинар-тренинглар йиғилиш эмас, балки мулоҳазалар, таклифлар учун очиқ майдон тарзида ўтишини истардим. Биз кўтараётган мавзу жуда муҳим, унда ҳар бирингизнинг таклифингиз соҳа ривожида алоҳида аҳамият касб этади. Бугун "Одоб-ахлоқ қоидалари"нинг янги таҳририни биргаликда кўриб чиқамиз. Мен сизлар томонингиздан билдириладиган барча таклифларга очиқман. Зеро, ўқувчиларимизни юртимиз тараққиётига хизмат қилувчи ёшлар этиб тарбиялашда биз ҳаммамиз бир жамоамиз, битта кемадамиз. 

Дилшод Кенжаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари: 

- Бугунги таълим жараёнини тарбиядан алоҳида тасаввур этиб бўлмайди. Биз сизлар билан соҳага оид муаммолар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқиш учун йиғилганмиз. Ҳар бир таклиф устида алоҳида ишлаймиз. Бу эса ягона мақсад йўлида битта жамоа бўлиб ишлашга ёрдам беради.

Ялпи йиғилишдан сўнг  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари бошлиқлари, тарбиявий ишлар ва ихтисослаштирилган муассасаларни мувофиқлаштириш бўйича ўринбосарлар, бўлим мудирлари учун икки йўналишда  ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбиясига оид маърузалар ўқиб эшиттирилди.

Тренинглар 22-июлгача давом этади, унда 250 нафар иштирокчи қатнашмоқда.

Семинар-тренинглар қуйидаги йўналишларда бўлиб ўтмоқда:

  • Ўзбекистонда ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбияси бўйича устувор вазифалар,
  • ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш,
  • таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш,
  • ўқувчиларни касбга ўқитишни тизимли ташкил этиш ҳамда
  • ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва мактабдан ташқари таълим сифатини ошириш.
info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu