2023/2024 ўқув йилида 1-синфга қабул жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида брифинг

20 июнь 2023 йил
image

2023-2024 ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари бугундан бошланди.

Бу йил республикамиз бўйича 1-синфга 730 мингдан ортиқ болаларни қабул қилиш режалаштирилган.

Қабул жараёнларини тартибли ўтказиш ва ота-оналарга қўлайлик яратиш, мақсадида 1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич - жорий йилнинг 20 июнидан 31 июлига қадар мактабларга маҳаллий ҳокимлик қарорлари билан бириктирилган микроҳудуд бўйича 1-синфга қабул жараёнлари амалга оширилади.

Иккинчи босқич - жорий йилнинг 1-15 август кунлари микроҳудуддан ташқари қўшимча қабул жараёнлари амалга оширилади. Бунда, умумтаълим мактабларининг ўқувчи ўрни, малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги, синф хоналарининг етарли эканлигини инобатга олинади. 

Бу тажриба 3 йилдан буён амалга оширилмоқда, кўпчилик ота-оналар ва барча мактаб директорлари бундан хабардор.

Тасдиқланган маъмурий регламентга кўра, (Вазирлар Маҳкамасининг 01.06.2022 йил 295-сон қарори) бу йил 43 та туман ва шаҳарларда 1-синфга қабул электрон тизим орқали давлат хизматлари шаклида амалга оширилади.

Бунинг учун ота-оналар уйдан чиқмаган ҳолда Вазирликнинг электрон давлат хизматлари портали (my.maktab.uz) орқали рўйхатдан ўтиб, бириктирилган микроҳудуд доирасида 31 июлгача ҳамда 1 августдан бошлаб микроҳудуддан ташқари манзил бўйича фарзандларини мактабга жойлаштириш учун ариза беришлари мумкин.

Республикамизнинг бошқа ҳудудларида 1-синфга қабул белгиланган тартибда  АНЪАНАВИЙ ШАКЛДА, яъни бевосита мактабда амалга оширилади. Бунда ота-оналар тўғридан-тўғри мактаб қабул комиссиясига мурожаат этишлари мумкин бўлади.

Мактаб томонидан 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизими (adm.maktab.uz)га киритилиб, назоратга олинади.

Маълумот учун: ота-оналарнинг яшаш манзили бўйича умумтаълим мактабида танлаган таълим тилидаги синфи бўлмаган тақдирда, яқин ҳудуддаги бошқа умумтаълим мактаби микроҳудуд сифатида  бириктириб берилади.

Аризалар 3 иш кунида Ҳудудий бошқармалар (модераторлар) томонидан кўриб чиқилиб, микроҳудуд бўйича мактабга юборилади ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилади.

Ариза мактабга юборилганда ота-оналар фарзанди билан биргаликда онлайн навбат асосида мактабга боради ва боланинг соғлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномани мактабда ташкил этилган қабул комиссиясига тақдим этади.

Ота-оналар фарзандини таълим бошқа тилда (жумладан рус тилида) ўқитиладиган синфга ўқитиш учун ариза топширган бўлса, боланинг шу тилда бошланғич сўзлашув кўникмасига эга эканлиги қабул комиссияси томонидан ўрганилади.

Бола танлаган тилда бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса, қабул комиссияси болани сўзлашув кўникмасига мос синфга ёки бошқа мактабга жойлаштириш бўйича хулоса беради.

Қабул комиссияси 3 та ҳолатда аризани рад этиши мумкин.

- боланинг тиббий маълумотномасида умумтаълим мактабида таълим олиш тавсия этилмаган бўлса;

- танлаган таълим тилида бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса;

- сўровномада келтирилган маълумотлар нотўғрилиги аниқланса.

Аризаси рад этилган фуқаролар аввалги ариза рақамини кўрсатиб, аниқланган камчиликни бартараф этган ҳолда қайта ариза беришлари мумкин.

Нодавлат таълим муассасаларига қабул жараёнлари таълим муассасалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

 Ҳурматли ота-оналар!

“Таълим тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, болалар улар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Янги ўқув йилида 2016 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар 1-синфга қабул қилиниши белгиланган. 

Мазкур қонун талаби барча турдаги мактаблар, жумладан нодавлат таълим ташкилотлари  учун ҳам тааллуқлидир.

Афсуски, ўтган йилларда айрим ота-оналар томонидан қонунчиликка риоя этмасдан,  фарзандларини мактаб ёшига етмаган бўлсада 1-синфга жойлаштиришга уринганликлари, кейинчалик эса, мактабдан-мактабга ўтиш жараёнларида ушбу ҳолатлар аниқланиб, болани қайтадан 1-синфга ўқитишга тўғри келганлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

 Шу ўринда барча ота-оналарга мурожат этмоқчимиз, умумий ўрта таълим олиш мажбурий бўлиб, мактаб ёшига етган ҳар бир боланинг билим олиш ҳуқуқи кафолатланади ва ҳеч бир бола таълимга жалб этилмасдан қолмайди.

Барча ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимларида қабул жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича штаблар ташкил этилган.

Ота-оналарда мактабга жойлаштириш, онлайн ариза топшириш ёки  бириктирилган микроҳудуди бўйича саволлар юзага келганда ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимларида ташкил этилган штабга мурожаат этишлари мумкин. 

Шунингдек, электрон қабул жараёнлари юзасидан Вазирлик “Call-markaz”ининг  71-203-07-04 рақамларига ёки телеграмдаги  @mymaktab_uz канали орқали қўшимча маълумотлар олишлари мумкин.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu