Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар таълим вазирлари VII йиғилиши бўлиб ўтмоқда

14 июнь 2023 йил
image

Тадбирни кириш сўзи билан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова очиб берди:

- Туркий давлат ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги бундай учрашувлар 2012 йилдан буён доимий тарзда ўтказиб келинмоқда ва катта аҳамиятга эга.

Зеро, олдимизда турган масалага ечимларни топиш, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш ва туркий оламнинг улкан  салоҳиятини рўёбга чиқариш фақатгина ҳамкорлик орқали амалга ошади.

Шубҳасиз, Туркий цивилизациянинг юксалишидаги асосий йўналиш ҳам илм-фандир. Бугунги йиғилиш туркий давлатларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишига ишонаман.

Шундан сўнг, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев сўзга чиқиб, Ўзбекистонда таълимга катта эътибор қаратилаётганини эътироф этди:

- Охирги марта ТДТ Таълим вазирлари учрашуви Истанбулда бўлиб ўтганди. Энди эса гўзал Самарқандда учрашиб турибмиз. Биз кеча ва бугун учрашувлар доирасида Туркий давлатлар орасида мактабгача, мактаб ва олий таълим соҳаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик.

Кеча Самарқандда жойлашган таълим муассасаларида ҳам бўлдик. Уларнинг ҳар бири бизда улкан таассурот қолдирди. Биргина Президент мактаблари ғоясини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўтган 4 йил давомида бу мактаблар кўрсатаётган натижалар Ўзбекистон таълим тизимининг нақадар юқори кўрсаткичлар қайд этаётганлигини кўрсатиб турибди.

 Йиғилиш доирасида кўп томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга оид лойиҳа ҳамда ташаббуслар муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон томони:

Мактабгача таълим соҳасида UNESCOнинг Тошкент декларацияси ижросини ҳамжиҳатликда амалга ошириш, қардош мактаблар ҳамкорлик дастурини янада ривожлантириш, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Халқаро Ал-Хоразмий ёш математиклар олимпиадасини ўтказишни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu