Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Хива шаҳрида ташкил этилаётган Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар, шунингдек, олимпиадада иштирок этувчи хорижий давлатлар ўқувчи-ёшлари қатнашди.
Ўзига хос байрам шукуҳига уланиб кетган тадбирда сўзга чиққанлар мазкур мусобақанинг аҳамиятли жиҳатлари ҳамда унинг иштирокчи ўқувчилар ҳаётидаги ўрни хусусида атрофлича фикр билдириб ўтишди.
Хусусан, тадбирда ўз фикрлари билан ўртоқлашган германиялик профессор Жоханн Планк буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний илмий меъроси ва фаолияти бугунги кунга қадар дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида иштирокчи давлатларнинг таништирув маросими ташкил этилди.
Ўзаро дўстона ва қувноқ тарзда давом этган олимпиаданинг очилиш маросими дилтортар куй-қўшиқлар ва ўқувчи-ёшларнинг беғубор рақс давраларига уланиб кетди.