2023/2024-ўқув йилидан бошлаб педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг сиртқи таълим шаклига камида беш йил педагогик стажига эга ўқитувчилар қабул қилинади
2023/2024-ўқув йилидан бошлаб педагогик кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг педагогика соҳасидаги таълим йўналишларига сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга фақатгина таълим тизимида педагогик фаолиятга оид камида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахслар қабул қилинади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган.
Бунда, педагогика соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи таълим шакли бўйича ўқиш истагида бўлган шахсларнинг таълим тизимида камида беш йиллик педагогик иш стажига эга эканлиги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида белгиланади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги умумтаълим муассасаси директорларидан олий таълим муассасаларига 2023/2024-ўқув йилига кириш тест имтиҳонларида иштирок этиш учун ҳужжат қабули бошлангунга қадар мактабда фаолият юритаётган олий педагогик маълумотга эга бўлмаган ўқитувчиларга тегишли маълумотларни вазирликнинг “Ягона электрон tizimi-erp.maktab.uz” дастурига киритишларини сўрайди.