ФИФА 53 ТА МАМЛАКАТДА ЖОРИЙ ЭТГАН ЛОЙИҲА ЭНДИ ЎЗБЕКИСТОНДА!
Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси билан ҳамкорликда жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун семинар-тренинглар ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ФИФА вакиллари Алехандра Ҳуете ҳамда Алберто Гиаcомини иштирок этишди.
ФИФА мутахассислари жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун семинар-тренинглар ташкил этишди!
Тренинглар ФИФА вакиллари томонидан ўтказилиб, унда "Football for schools - мактабларда футбол" лойиҳаси ҳақида тақдимот қилинди ҳамда мазкур дастурнинг ижобий томонлари ҳақида қатнашчиларга сўзлаб берилди.
Айни дамда тренингларда бутун Республикадан саралаб олинган 28 нафар жисмоний тарбия ўқитувчилари иштирок этишмоқда.
Алехандра Ҳуете ФИФА томонидан "Football for schools" лойиҳаси бугунги кунда 53 та мамлакатда жорий қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди:
- Бу дастур мазкур спорт турига қизиқадиган иқтидорли ёшларни саралаб олиш ҳамда ўқитишда алоҳида аҳамиятга эга. Айнан ""Football for schools"" лойиҳаси ёрдамида дунё бўйлаб таниқли спорт юлдузлари етишиб чиққан. Бу Ўзбекистондаги истеъдодли ёшларни кашф этишда ҳам ўзига хос рол ўйнашига ишонамиз, - деди у.
Куннинг иккинчи ярмида семинар иштирокчилари учун амалий машғулотлар ҳамда “Чиғатой” спорт базасига ташриф режалаштирилган.
Тадбир Олмазор туманидаги 191-мактабда бўлиб ўтди.
Семинар-тренинглар 29 апрелгача давом этади.