Соҳанинг афзалликлари нимада? Бугун IT соҳасининг мутахассислари энг кўп ҳақ тўланадиган касб эгалари саналади.
Шу ва соҳага оид бошқа саволлар бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида “Мактаб битирувчилари учун IT университетлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилган онлайн мулоқот давомида кенг муҳокама этилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган мазкур тадбирда барча умумтаълим мактаб директорлари, психологлар, информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари, 9-11-синф битирувчилари иштирок этди.
Мулоқотдан кўзланган асосий мақсад мактаб битирувчиларини замонавий касблар билан таништириш, юртимиздаги IT университетлари имкониятларини тақдим этишдан иборат.
Унда юртимиздаги IT соҳасида кадрлар тайёрловчи қатор етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари ўз олийгоҳларининг мавжуд имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Хусусан, Янги Ўзбекистон университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги INHA, Amiti университетлари, Тошкент халқаро таълим университети, “IT Park University” университетларидаги мавжуд шарт-шароитлар, имкониятлар ва келгусида замонавий касбларни эгаллаш учун тегишли йўналишлар бўйича тингловчиларга атрофлича маълумот бериб ўтилди.
Қайд этилганидек, ушбу олийгоҳларда бугунги кунда талабаларнинг IT соҳасида сифатли таълим олишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Қабул имтиҳонлари ва бу борадаги керакли талаблар ҳақида таълим масканларининг ахборот ресурслари орқали абитуриентларга доимий маълумотлар бериб борилади.
Учрашув сўнгида мазкур таълим йўналишларига доир ўқувчиларни қизиқтирган саволларга тадбир иштирокчилари томонидан батафсил жавоб берилди.
Очиқ мулоқот трансляциясини ушбу ҳаволада кўришингиз мумкин.