Жорий йилнинг 4 апрел куни Франция Республикаси Президентининг Континентал Европа ва Туркия бўйича маслаҳатчиси Изабел Дюмон ҳамда Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аурелия Бушез Самарқанддаги мактабга ташриф буюрди.
Хусусан, Изабел Дюмон ва Аурелия Бушез Самарқанд шаҳридаги 43-мактабда бўлиб, таълим жараёни, француз тилини ўқитиш бўйича мактаб эришаётган натижалар билан танишди.
Сўнгра мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчилари билан яқиндан суҳбатлашиб, педагоглар билан Ўзбекистонда француз тили ўқитилишини такомиллаштириш бўйича фикр алмашди.
Меҳмонлар учун таълим маскани ўқувчилари томонидан турли чиқишлар ҳамда урф-одатлар акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Аввалроқ Франция расмий вакиллари Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан учрашиб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашгани ҳақида хабар бергандик.