Таҳрирчи Р. Иброҳимов фикрича волвокс – яшил сув ўтлари типига кирувчи, тўп-тўп бўлиб, кўчиб юрувчи организмларнинг бир тури. У кўпайганда гуллаб, сув юзини яшил тусда қоплайди”.
Бу фикр ҳақиқатдан жуда йироқ.Таҳрирчи ботаникани ўқимаган кўринади. Чунки волвокс тўп бўлиб эмас, колония бўлиб яшайди. волвокс ва бошқа сув ўтлари ҳеч қачон гулламайди, жинссиз ёки гаметалар ҳосил қилиб кўпаяди. Иссиқ қуёшли кунларда волвокс ва бошқа яшил сув ўтлари кўлмак сувларда тез кўпайиб, сувни яшил тусга киритади, яъни сув «гуллайди».
Таҳрирчи волвоксни ҳайвон эмас, ўсимлик деб ҳисоблайди. Умуман тирик организмларни озиқланиш усулига биноан ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсига ажратилади. Ҳайвонсимон хивчинлилар фотосинтез орқали автотроф озиқланиши туфайли яшил ўсимликларга, ёруғлик етарли бўлмаганида сапрофит (гетеротроф) озиқланиши туфайли ҳайвонларга ўхшайди. волвокс ҳамда яшил эвглена ва бошқа фотосинтез орқали автотроф озиқланадиган бир қанча яшил рангли хивчинлилар зоологияда ҳайвонсимон хивчинлилар (фитомастиганлар), ботаникада эса бир ҳужайрали яшил сув ўтлари номи остида ўрганилади. Бу ҳодиса ўсимликлар билан ҳайвонларнинг битта умумий аждоддан келиб чиққанлигини кўрсатади. Бу ҳақида дарсликнинг 15-саҳифасида маълумот берилган. Лекин таҳрирчи бу маълумотларни ўқимаган кўринади.
Таҳрирчи Куракоёқлилар эскириб қолганлиги, уни Йиртқичлар туркумига киришини эслаб ўтади.
Куракоёқлиларни Йиртқичлар туркуми таркибига киритилиши асосан генетик анализга асосланган. Ҳайвонлар систематик ўрнини белгилашда генетик маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Лекин муайян белгини намоён бўлишида битта эмас, бир неча ген иштирок этиши мумкин. Бундан ташқари, фаол бўлмаган (уйқудаги), локал ва локал бўлмаган генлар ҳам мавжуд. Ҳайвонлар систематикасида экологик, физиологик (ҳаёт тарзи) ва географик далиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундай далиллар ҳозирча етарли эмас. Шу сабабдан ўрта ва олий мактаб дарсликларида бу икки туркум ҳанузгача алоҳида ўрганиб келинмоқда.
Таҳрирчи 42-бетда «болалар гижжаси» термини орқали дарслик муаллифи Америка кашф қилмоқчи, дейди.
Аслида дарслик муаллифи «болалар гижжаси» термини орқали ҳеч нарса кашф этмоқчи эмас. Бу кашфиётни аллақачонлар кашф этиб бўлишган. Рус тилида бу паразит «децкая острица» дейилади. Мактаб ва олий мактаб дарсликларида бу гижжа «болалар гижжаси» номи остида берилиб келинмоқда.
Таҳрирчи дарсликда систематика (таснифлаш) борасида ҳам чалкашлик мавжудлигини кўрсатади. Унингча, 7-бобнинг 1-қисми «Қисқичбақасимонлар синфи» деб аталган. Қисқичбақасимонлар – бўғиноёқлилар типига кирувчи йирик гуруҳ, синф эмас. Шу бобда маълумотлари берилган дарё қисқичбақаси эса чучук сувда яшовчи ўноёқли қисқичбақаларнинг уч оиласини англатувчи тушунча ҳисобланади..
Муаллифнинг фикри чалкаш ва асоссиз. Систематикада «гуруҳ» деган таксон бўлмайди. Қисқичбақасимонлар (рус тилида – Ракообразные, лотин тилида - Cрустаcеа) синфнинг номи ҳисобланади. Мактаб дарслигида фақат асосий систематик гуруҳлар (тип, синф ва тур) номи кўрсатилади. Оралиқ таксонлар (катта ва кенжа тип, катта ва кенжа синф) ва кичик таксон (оила) фақат олий таълим дарсликларига киритилади.
Таҳрирчининг фикрича, бўғиноёқлилар типининг кўплаб хусусиятлари дарсликда кенг ёритилмаган, уларнинг нима учун бундай деб аталиши ўқувчига тушунтирилмаган.
Аввало, типнинг номи «Бўғиноёқлилар» эмас, балки «Бўғимоёқлилар» деб аталади. Типнинг номи унинг маъносини аниқ кўрсатиб турибди. Дарслик ҳажмини қатъий чекланганлиги унга ўқувчини қизиқтириши мумкин бўлган маълумотларни кўпроқ киритиш имконини бермайди.
Дарслик муаллифи 27-параграфда ноаниқлик мавжудлигини тан олади. Мазкур параграф мазмунига кўра «Ҳашаротларнинг аҳамияти ва бўғимоёқлиларнинг келиб чиқиши» деб номланиши керак эди. Бизнинг фикримизча, 39-параграф «Судралиб юрувчиларнинг хилма хиллиги: Тангачалилар туркуми» тўғри номланган. Лекин 40-параграф ҳам Судралиб юрувчиларнинг хилма-хиллиги ибораси билан бошланиши керак эди.
Таҳрирчи Рустам Ибрагимов ўз мақоласига «Зоология ёхуд қушлар синфи фақат кўк каптарлардан иборат(ми?)» деган сарлавҳа қўйган. У қушлар ҳақидаги ўттиз бир бетлик маълумотнинг учдан бир қисми кўк каптарга бағишланганлигини қайд этган.
Албатта, қушлар фақат кўк каптардан иборат эмас. Дарсликда кўк каптар мисолида қушларнинг ташқи ва ички тузилиши, пат қопламига умумий тавсиф берилган. Ҳайвонларнинг бошқа йирик гуруҳлари ҳам битта типик вакил мисолида ўрганилади.Таҳрирчи саноқдан адашган бўлса керак. Кўк каптар тўғрисидаги маълумотлар 31 бетлик маълумотнинг уч бир қисмини эмас, балки олтидан бир қисмидан камроғи ( 5 бет) ни ташкил қилади.
Р. Ибрагимов кўрсатишича илонлар, тошбақалар, тимсоҳлар ҳақида ниҳоятда оз ва қуруқ, зерикарли йўсинда маълумот берилган. Кўпчилик ёшлар қизиқадиган буқаламун, кондор эчкемари хусусида эса умуман гап-сўз йўқ.
Буқаламунни биламан. Лекин Кондор эчкемарини эшитмаганман.Таҳрирчи Комод эчкемарини назарда тутган бўлса керак? Дарҳақиқат, ҳайвонот дунёси ажойиботларга жуда бой. Афсуски, бундай маълумотларни битта дарсликка жойлаштиришни имкони бўлмайди. Мактаб дарслиги асосан ўлкамизда кенг тарқалган ҳайвонлар тўғрисида кенгроқ маълумот беради.
Таҳрирчи Р. Ибрагимов назарида палеонтология илмида ўрганиладиган динозаврлар, учувчи рептилиялар, мозозаврлар(?), мамонтлар ва бошқа қирилиб кетган жонзотлар ҳақида лом-мим дейилмаганлиги дарсликнинг жиддий нуқсони ҳисобланади. Кўл бақасини ўрганишга ортиқ даражада эътибор қаратиш ўрнига шундай мавзуларни ҳам кирица бўларди.
Таҳрирчи фикрича, қирилиб кетган динозаврларни ўрганиш қўл бақасига нисбатан муҳимроқ ҳисобланади. Лекин дарсликка ҳайвонлар тўғрисида маълумот берадиган ягона билим манбаси – ҳайвонот дунёсининг кўп томлик энциклопедияси сифатида қарамаслик керак. Кўпроқ маълумот олиш учун бошқа манбалардан ҳам фойдаланиш зарур.
Таҳрирчи Р.Ибрагимов 7-синф Биология (Зоология) дарслиги жиддий таҳрирга муҳтожлиги тўғрисида хулоса чиқаради. Лекин у дарсликдаги қайси маълумотларни (илмий, грамматик, терминологик, систематик) маълумотларни таҳрир қилиш кераклигини кўрсатмаган.
Дарсликни диққат билан илмий таҳлил қилишга Таҳрирчининг вақти ва имконияти бўлмаган кўринади. У мактаб дарсликларига қўйиладиган талаблар билан умуман таниш эмас. Шу сабабдан, унинг зоология дарслиги бўйича кўрсатиб ўтган кўп камчиликлари илмий асосга эга эмас.
Мактаб дарслигига фақат ягона муаллиф меҳнатининг маҳсули сифатида қарамаслик керак. Зоология дарслигини яратишда зоология соҳасида мутахассислар билан бирга кўплаб экспертлар ва мактаб ўқитувчилари ҳам иштирок этган. Муаллиф ҳурматли Таҳрирчи Р.Ибрагимовга зоология дарслиги экспертизасида фаол иштирок этганлиги ва очиқ фикр билдиргани учун ўз миннатдорчилигини изҳор этади.
Муаллиф:Очил Мавлонов