Маърузалар

.

Халқ таълими вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Л.Рустамованинг брифинг маърузаси

6 май 2021 йил
image

Ассалому алайкум ҳурматли ҳамюртлар, бугунги Халқ таълими вазирлиги брифинги орқали таълим даражаси юқори бўмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан бориб ишлайдиган педагогларга устамалар белгилаш тартибига тўхталиб ўтамиз.

Маълумки жорий йилнинг 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори имзоланди. Мазкур Қарорга мувофиқ олис ҳудудга бориб ишловчи ходимларга бир марталик компенсация тўловлари ва ҳар ойлик устамалар миқдори белгилаб берилди.

Мазкур масала юзасидан Халқ таълими вазирлигига кўплаб саволлар келиб тушмоқда, бугунги брифинг орқали уларга жавоб бериб ўтамиз.

Дастлабки савол: Мен 30 йил стажга эга рус тили фани ўқитувчисиман. 2020 йил май ойида 54 ёшда пенсияга чиқдим, лекин ҳозиргача мактабда ишлаяпман. Пенсиядаги 2-тоифали ўқитувчилар ҳам олис ҳудудга борса имтиёз ва устамалар тўланадими ?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 январь куни имзоланган “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4940-сонли қарорига мувофиқ, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган фақатгина олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устама ва имтиёзлар белгиланади. 2-тоифали ёки тоифасиз педагогларга устама тўлаш кўзда тутилмаган.

Кейинги саволда мутахассислиги бошланғич синф ўқитувчиси бўлган маълумоти олий, 2- тоифали ўқитувчининг ҳам олис ҳудудга бориб дарс ўтиши мумкинлиги ҳақида сўрашган.

“Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган фақатгина олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устама ва имтиёзлар белгиланиши белгилаб берилган. Сизнинг ҳолатингизда ўз ихтиёрингизга кўра мазкур мактабларда дарс беришингиз мумкин. Бироқ махсус имтиёзлардан фойдалана олмайсиз.

Кейинги савол эса қуйидагича: Мен Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшайман. Олий тоифали кимё ўқитувчисиман. Илмий даражам магистр. Шу вилоятдан олис ҳудуддан бўш иш ўрни бўлса ўйлаб кўрардим, сабаби Қарши шаҳрида шу тоифам билан дарсим тўлиқ эмас.

Жавоб: Сиз Халқ таълими вазирлигининг “Янги Ўзбекистон устозлари” лойиҳаси доирасида www.ustozfondi.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, танловда иштирок этишингиз ҳамда таълим сифати паст мактаблардаги вакант лавозимларга ишга қабул қилинишингиз мумкин. Сизга юқоридаги платформага кириб, танлов шартлари ва таълим сифати паст, вакант лавозимлар мавжуд таълим муассасалари ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.

Яна бир савол: Мен Китоб туманидан Инглиз тили ўқитувчисиман, тоифам биринчи. Олис ҳудудда ишлаш ниятида эдим, бир марталик ёрдам пули, устама қачондан ва кимларга берилади?

Жавоб: Халқ таълими вазирлиги томонидан яратилган www.ustozfondi.uz платформаси орқали таълим сифати паст мактаблар рўйхати ва улардаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4940-сонли “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарорига кўра, олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

Қарорга кўра, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига:

бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритса 50 фоиз;

бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган бўлса 100 фоиз устамалар тўланади.

‼️Бунда таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудда камида бир йил ишлаган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагоглар жалб қилинтши белгилаб қўйилган

 

Савол: Мен таълим сифати юқори бўлмаган мактабга бориб ишласам менга бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик компенсация тўловлари тўланадими, биринчи тоифага эгаман?

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 январдаги 4940-сонли қарорида таълим сифати паст бўлган ҳамда олис ҳудудда жойлашган мактабларга бориб ишловчи ўқитувчилар учун алоҳида тўловлар белгиланган.

Жумладан, агар олий ёки биринчи тоифали ўқитувчи таълим сифати юқори бўлмаган, бироқ олис ҳудудда жойлашган мактабга бориб ишласа унга белгиланган талаблар асосида:

ü ҳар ойлик махсус устамалар,

ü бошланғич ёрдам пули

ü ва ҳар ойлик компенсация тўловлари тўланади.

Шунингдек, ушбу мактаб олис ҳудудда жойлашмаган бўлса унга фақатгина ҳар ойлик махсус устамалар белгиланади.

 

Савол: Ассалому алайкум олий тоифали ўқитувчиман, Олис ҳудудга бориб ишласам бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4940-сонли қарори ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги 471-сонли қарорига мувофиқ белгиланган устамаларни олишим мумкинми?

 

Жавоб:  Агар ўқитувчи борган мактаб ҳам таълим сифати юқори бўлмаган ҳам олис ҳудуддаги мактаб бўлса у ҳолда ўқитувчиларга бир вақтнинг ўзида иккита қарорда белгиланган ҳар ойлик махсус устамалар тўланиши мумкин.

Энг Сўнгги савол: Аввалдан олис ҳудудга қатнаб ишлаётган ўқитувчиларга ҳам ушбу устамалар амал қиладими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 январдаги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинган. Бунинг учун сиз қарор жорий этилган вақтдан сўнг бошқа худудда камида бир йил ишлаган бўлишингиз керак, яьни таьлим даражаси юқори бўлмаган мактабга бориб ишлаш учун бошқа худудда 1 йиллик педагогик фаолият юритган бўлишингиз лозим.

Эътиборингиз учун раҳмат, саломат бўлинг

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu