Маърузалар

.

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИНИНГ АХБОРОТ СИЁСАТИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИСИ Л.РУСТАМОВАНИНГ БРИФИНГ МАЪРУЗАСИ

10 июнь 2021 йил
image

2021-2022 ўқув йилида 1-синфга қабул 15 июндан бошланади

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар, ҳурматли ота-оналар!

Бугунги брифинг орқали жорий ўқув йилида мактабларнинг 1-синфига ҳамда Халқ таълими тизимидаги Ихтисослашган мактабларга қабул тартиби хусусида тўхталиб ўтамиз.

Дасаввал жорий йилда умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул 15 июндан бошланишини маълум қиламиз.

Ота-оналарга қўлайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри,  Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилади. (Электрон қабул жараёнлари ҳақида батафсил келгуси брифингда маълумот бериб ўтамиз.)

 Қолган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)лари) умумтаълим мактабларида  1-синфга  қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади.

 1. Тажриба-синов тариқасида жорий этилаётган электрон шаклдаги қабул жараёни 2 та босқичдан амалга оширилади:

Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайдилар.

Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади:

Биринчи мактаб-ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб;

Иккинчи ва учинчи мактаблар - ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган  мактаблар.    

Иккинчи босқичда 2021 йилнинг 6 июлидан 31 июлга қадар ота-оналар электрон плафторма орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширадилар, бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Бунда ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашишлари кафолатланади. 

Агар ота-оналар микроҳуддуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топширишлари мумкин бўлади.

 2. Қабул анъанавий шаклда амалга ошириладиган ҳудудларда ота-оналар бевосита 2021 йилнинг  15 июндан - 15 июлга қадар  доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини
1-синфга жойлаштриш учун ҳужжатларини топширишлари мумкин.  

Шунингдек, 16 июлдан - 15 августга қадар ота-оналарга ихтиёрий танлов асосида бошқа мактабларга, яъни микроҳудудига кирмаса ҳам бўш ўринлар бўлса, фарзандларини 1-синфга қабул қилиш учун бошқа мактабга ҳужжатларини топшириш имконияти берилади. 

 Шу ўринда яна бир бор эслатиб ўтамиз! Умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига болалар “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг 9-моддасига асосан етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади, яъни бу йил, яъни бу болалар 2014 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар саналади.

Шунингдек, мазкур қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъий назар, яъни нодавлат хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийдир.

Олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш Мактабгача таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Умумтаълим мактабларига бириктириладиган микроҳудудлар  маҳаллаларнинг жойлашуви ва аҳолининг демографик ўсишини инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида белгиланади.

Ҳудудларда янги уй-жойларнинг қурилиши ёки маъмурий ҳудудий чегараларнинг ўзгариши сабабли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим мактабларига бириктирилган микроҳудудлар қайта  ўзгартирилиши мумкин.

Энди 2021-2022 ўқув йилида ихтисослашган синфларга қабул тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

2021-2022 ўқув йили учун Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларига қабул жорий йилнинг 10 июнида бошланиб, 10 июлга қадар давом этади. Ота-оналарга қўлайлик яратиш ҳамда қабул жараёнларини шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳужжатлар тўлиқ электрон шаклда қабул қилинади.

Бунинг учун ота-оналар жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб my.maktab.uz сайти орқали ихтисослаштирилган таълим муассасаларига   ҳужжатларни электрон шаклда топширишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига 5-синфдан, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга 7-синфдан қабул амалга оширилади.

Саралаш танловлари Давлат тест маркази томонидан жорий йилнинг
12-30 июль кунлари ўтказилади.

Брифинг сўнгида яна бир эълон билан ҳам таништириб ўтмоқчиман. Жорий йилнинг 9 июнь куни соат 15.00 да  Халқ таълими вазирлиги томонидан вазирлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул жараёнлари тўғрисида ота-оналар ва ўқувчилар учун онлайн Очиқ мулоқот ташкил этилади. Очиқ мулоқотни вазирликнинг facebook ижтимоий саҳифаси @Uzedu орқали тўғридан-тўғри кузатиб боришингиз ва қабул жараёнлари билан боғлиқ ўз саволларингизни йўллашингиз мумкин.

Бизда бугунча шулар эди. Эътиборингиз учун раҳмат, саломат бўлинг.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu