Коррупцияга қарши кураш

.

Таълим тизимидаги давлат харидларида манфаатлар тўқнашувининг олдини қандай оламиз?

22 октябрь 2025 йил
image

Бугунги кунда давлат харидларида коррупциянинг олдини олиш ниҳоятда долзарблик касб этмоқда. Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси коррупцияга қарши курашиш буйича ички назоарат тузилмаси фаолиятида дуч келинган қуйидаги ҳолат буйича ушбу масалага бир назар ташлаб кўрамиз.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Хоразм вилоятидаги туман ММТБларидан бирида ишлаётган марказлашган ҳисобхона ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат йўллади. Мурожаатга  кўра, тадбиркор хизматлар кўрсатиш бўйича мактабгача ва мактаб таълими туман бўлими ва ўзи ўртасида тузилган шартномага кўра, ходимлар билан алоқага чиққанида улар пулни ечиб беришни сўрашган, акс ҳолда шартнома бекор бўлишини  айтишган. Шу боисдан тадбиркор масалага ойдинлик киритишни ва  шартномадаги  ишни бажаришда амалий ёрдам беришни сўрайди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, туман ММТБнинг давлат харидлари ва шартномалар бўйича масъул ходими томонидан давлат харидлари бўйича эълон жойлаштириш жараёнида талабномадаги хизмат кўрсатилиш кўлами, ҳажми ва зарур бўладиган товарлар руйхати тўлиқ сўраб олинмасдан ҳамда ушбу оферта техник параметрларини батафсил ўқимасдан электрон дўкондан танлашда «гўёки» эътиборсизликка йўл қўйилади. Яъни шартномада иш ҳажми кам, тўланадиган сумма баланд бўлиб қолади.

Албатта, бундай имкониятни ҳар қандай тадбиркор қўлдан чиқармасликка уринади. Чунки кам иш қилиб, кўпроқ фойда, хақ олиш кимга ёқмайди, дейсиз. Бунинг оқибатида шартномада кўрсатилган иш ҳажми оз, аслида  эса талабнома буйича қилиниши лозим бўлган иш ҳажми кўп бўлиб қолади ва бу ўз навбатида тадбиркор ва буюртмачи ўртасида «савдолашиш» кўринишидаги келишмовчиликларни келтириб чиқаради.

Натижада  буюртмачи  шартномалар тузишдаги хатоликларни «унча тўғри бўлмаган» йўллар билан ҳал қилишга уринади. Яъни тадбиркорни шартномадаги суммани ечиб беришга ундаш каби салбий ҳолатлар вужудга келтирилади. Албатта, бу ерда тадбиркорнинг қонуний манфатлари химоя қилиниши таъминланди. Худди шунингдек, шартномалар тузишдаги хатоликлар ва шартномадаги суммани ечиб беришга ундаш каби салбий ҳолатларни вужудга келтирган ходимларнинг жавобгарлик масаласи  қонуний тартибда ҳал қилинди. Лекин кўрилган чоралар,  шартнома тузишга масъул ходимларни, улар атайин шахсий манфаатни кўзлаб шундай иш тутишган, деган шубҳа ва гумонлардан ҳоли қилмайди.

2021 йил 22 апрелда қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги  684-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасида молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналик, тежамкорлик ва самарадорлик принципи қайд қилинган. Унда “давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, товарларни (ишларни, хизматларни) олишдан кўрилган наф, уларнинг сифати ва қиймати ўртасидаги мақбул нисбатни (фойдаланиш даври харажатларини ҳисобга олган ҳолда) таъминлаш” кераклиги белгилаб берилган.

Давлат харидлари бўйича мутахассислар мазкур қонуннинг ушбу талаб ва принципларига қатъий амал қилганида эди, улар тадбиркор олдида, худди шунингдек, атрофлагилар олдида, давлат харидаларини амалга оширишда, энг аввало,  манффаатдорликни кўзлаётган  шахс каби шубха остида қолмаган бўлар эдилар.

Ўйлайманки, шу каби хато ва камчиликларга йўл қўяётган соҳа  ходимлари бундан тегишли хулоса чиқарадилар ва давлат харидларини амалга ошириш буйича қонун хужжатларини ўрганиш  юзасидан билимларини оширишга жиддий эътибор қаратадилар. Бинобарин, коррупцияга карши курашишда асосий мақсадимиз фуқароларни  жавобгарликка тортиш эмас, балки  жиноятга олиб келувчи омиллар ва шарт-шароитларнинг олини олиш орқали превентив чора-тадбирларни кўришдан иборатдир.

 

Алишер ХАСАНОВ,
Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб
таълими бошқармасининг
коррупцияга
қарши кураш ва ҳуқуқий назорат
шўъбаси бош мутахассиси

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu