Коррупцияга қарши кураш

.

«Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини такомиллаштириш, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига қабул ва «Долзарб 90 кунлик» — навбатдаги "Вазир соати" бўлиб ўтди

4 июнь 2025 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш, иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш орқали юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган «Вазир соати» бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, куни кеча ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг тизимда коррупцияни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган сайёр мажлисига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мажлисда берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъуллар олдига «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини такомиллаштириш, ўқувчилар учун инновацион ғоялар ва «ҳалоллик вакцинаси» асосида махсус дастур ва илмий ёндашилган контентлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, тизим ташкилотлари ўртасида коррупцияга қарши кураш рейтингини жорий этиш, вазирлик тизимида коррупция хавфи мавжуд соҳа ва йўналишларни рақамлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги тегишли Фармонида белгиланган қатор вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди.

Иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ҳамда глобал меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган «Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббусида илгари сурилган мақсад ва вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.

Хусусан, хорижий тиллар ва математика фанларидан юқори натижаларга эришган ҳамда халқаро тан олинган сертификатларга эга ўқувчиларни Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига жалб қилиш бўйича кейинги режалар белгилаб олинди.

Муҳокама доирасида ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган «Долзарб 90 кунлик» тадбирларини ўтказишга доир навбатдаги вазифалар тилга олиб ўтилди.

Ушбу ташаббус доирасида 7 миллион ўқувчи-ёшлар (6 миллион мактаб ўқувчилари) учун маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилади.

1 239 та оромгоҳларга 168 минг, «Ёз-2025» спорт мусобақаларига 249 минг, 219 та «Баркамол авлод» болалар мактабига 350 минг, «Китобхонлик фестивали»га 12 минг, «Баркамол авлод» болалар фестивалига 42 минг, «Турон» мактаб театри, «Иқтидор» мактаб ансамбли жамоалари концерт дастурларига 187 минг ўқувчилар жалб қилиниши режалаштирилган.

Тегишли масъул ходимларга ушбу тадбирларни ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар билан бирга белгиланган режа асосида ташкил этиш чораларини кўриш топширилди.

Йиғилишда давлат-хусусий шериклик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борадаги келгуси масалалар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, 2024-2025 йиллар давомида давлат-хусусий шериклик асосида 44 та йирик лойиҳа (4 395 ўринли 22 та боғча ва 10 534 ўринли 22 та мактаб)ни ташкил этиш бўйича битим имзоланган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 январдаги тегишли қарори асосида 2025 йилда камбағаллик юқори бўлган маҳаллаларда 1 000 та оилавий боғча ташкил этиш белгиланган.

Тегишли масъулларга мазкур вазифаларни амалга ошириш учун вазирлик тасарруфидаги бўш турган маъмурий биноларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларнинг ўрнида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича зарур вазифалар берилди.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu