Бугун Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг мактаб ва мактабгача таълим тизимида коррупцияни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Кенгаш аъзолари, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, Сенат аъзолари ҳамда соҳа масъул ходимлари иштирок этди.

Мажлисда таъкидланганидек, "Коррупциясиз соҳа" лойиҳаси бўйича мактаб ва мактабгача таълими соҳасида амалга оширилаётган ишлар доирасида қатор дастурлар қабул қилинди. Шу билан бирга соҳага оид 79 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди.
Ўтган вақт давомида бир қатор давлат хизматлари электрон шаклда жорий этилди. Жумладан, болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, 1-синфга қабул қилиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, лицензиялаш, апостил қўйиш хизматлари рақамлаштирилди.

Мажлисда таълим тизимидаги қатор давлат хизматлари учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилиб, жараёнларнинг соддалаштирилгани коррупция хавфини камайтиришга қаратилган ишларнинг амалий самараси эканлиги қайд этилди.
Таълим масканлари учун махсус «Коррупцияга қарши курашиш» ўқув дастури ишлаб чиқилиб, мактаб ва боғчаларда ГРАCЭ дастури доирасида ҳалоллик тарбияси жорий этилиши муҳим эканлиги айтиб ўтилди.
Муҳокама доирасида «Ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган авлодни вояга етказиш таълим тизими олдидаги устувор вазифалардан бири эканлиги, бунинг учун нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ҳам бу борадаги малакаси доимий ошириб борилиши лозимлиги таъкидланди.

Мажлис якунида таълим тизимида коррупцияга қарши чора-тадбирларни янада кучайтириш, ишга қабул қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш, ички назорат тизимини кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар берилди.