Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ҳудудларда “Мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, коррупцияга қарши профилактика чора-тадбирларини ташкил этиш" мавзусида очиқ мулоқот ҳамда семинарлар ташкил этилмоқда.
Йиғилишда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси аппарат ходимлари, шу билан бирга ZOOM платформаси орқали туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ҳамда бошқа масъуллар қатнашди.
Мулоқот давомида вазирлик вакиллари томонидан коррупцияга қарши курашишга оид ички локал ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган тарқатма материаллар ходимларга тарқатилиб, коррупсия ҳақида хабар беришга мўлжалланган вазирлик ва тизим ташкилотлари алоқа каналлари кенг тарғиб қилинди. Шунингдек, коррупсияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатлари асосида тайёрланган тарғибот материаллари, тақдимотлар ходимларга мустақил ўқиб ўрганиш учун етказилди.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун кучга киргунига қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, ходимларга услубий тавсиялар берилди.
Қолаверса, ҳар бир ходим билан якка тартибда профилактика тадбирлари ўтказилиб, ходимларда “ҳалоллик ваксинаси” иммунитетини шакллантириш учун ходимлар ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари, унга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида расман огоҳлантирилди.
Мулоқот давомида иштирокчиларга коррупцион ҳаракатларнинг аянчли якунларига бағишланган махсус видеороликлар намойиш этилиб, ҳар бир таълим муассаса раҳбари билим даргоҳларида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш учун маъсул эканлиги яна бир бор таъкидланди.