Коррупцияга қарши кураш

.

Тизимда коррупцияга ўрин қолдирилмайди

30 апрель 2024 йил
image

Вазирликнинг 2023 йилда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари 82 балл билан баҳоланиб, яшил ҳудуддан ўрин олди. 2022 йилда бу кўрсаткич 52 балл бўлиб, фаолият қониқарсиз ва қизил ҳудудда эди.

Коррупцияга қарши муросасиз кураш доирасида мактабгача ва мактаб таълими тизимида ҳам эътиборга молик ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мактабгача таълим тизимида бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш белгиланган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси бошлиғи Шавкат ҲАМРАЕВ тизимда бу борада қилинаётган ишлар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Соҳага оид мавжуд қонун ҳужжатлари билан бирга вазирлик марказий аппарати, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида 15 та ички ҳужжат янги таҳрирда қабул қилиниб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Вазирлик фаолиятида, хусусан, кадрларни танлаш, тайинлаш ва жой-жойига қўйиш, нодавлат таълим муассасаларининг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини текшириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишига қарши профилактика тизимли кечмоқда. Бюджет харажатлари самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш ҳамда ички аудит фаолияти соҳасидаги ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган ўрганишларда коррупциявий ҳолатлар ва хавф-хатарлар аниқланиб, вазирликнинг бирлашган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси, коррупцияга энг кўп мойил бўлган функция ва лавозимлар рўйхати, коррупцияга қарши курашиш дастури “йўл харитаси” тасдиқланиб, ижроси таъминланмоқда.

Таълим хизматларини кўрсатишда инсон омилини камайтириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланиб, электрон платформа (my.gov.uz, my.maktab.uz) орқали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши натижасида давлат ташкилотларининг 2023 йил учун рақамли трансформация ҳолати рейтинг натижаларига кўра, вазирлик давлат бошқаруви органлари орасида 77,51 балл билан 11-ўринда бўлиб, “яшил” ҳудуддан жой олди. Бу натижани яна яхшилаш чораларини кўряпмиз.

Ишга қабул қилиш учун 810 номзод текширилиб, хулосалар тайёрланди, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш мақсадида 2023 йилнинг ўн бир ойида 181 нафар ходим бўйича тўлдирилган декларациялар текширилди.

Мактаб таълимида энг кўп коррупциявий ҳолатлар ва ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган жараён мактабга қабул ёки фарзандларини бир мактабдан бошқасига кўчириш билан боғлиқ. Шунинг учун вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳридаги мактабларга қабул ёки бир мактабдан бошқасига кўчиришнинг электрон хизмати жорий этилган бўлиб, шу кунга қадар 57 445 фуқаро мазкур хизматдан фойдаланган.

Бунда ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш ёки мактабдан мактабга кўчириш учун ота-оналар онлайн шаклда ариза беради, электрон тизим автоматик равишда уни мактабга юборади, ўқувчи мактабга қабул қилинади ёки кўчирилади.

1-синфга қабулда яқин ҳудудда яшаётганлар манфаатларини кафолатлаш мақсадида тизим орқали, биринчи навбатда, микроҳудуддаги болалар қамраб олинади. Шу кунга қадар 150 мингдан зиёд фуқаро ушбу хизматдан фойдаланган.

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб чет эл фуқаролари фарзандлари умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиниши учун электрон тизим орқали рўйхатдан ўтиб, ариза юборди ва уларнинг яшаш манзилига яқин бўлган ҳудуддаги мактабда жойланиши кафолатланди. Бунда топшириладиган ҳужжатлар сони 5 тадан 3 тага, муддати эса 14 кундан 7 кунга қисқартирилди.

2019 йил сентябрдан хорижда таълим олганлик маълумот тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилиб, муддатини 7 кундан 4 кунга, талаб этиладиган ҳужжатларни эса 5 тадан 2 тага қисқартиришга эришилди. Бунда фуқаролар электрон тизим орқали рўйхатдан ўтиб, ариза ва тегишли ҳужжатларни электрон юборади ва таълим тўғрисидаги ҳужжати тан олингани бўйича маълумотномани портал орқали юклаб олади. Шу кунга қадар мингдан зиёд фуқаро ушбу хизматдан фойдаланди.

Ички аудит ва молиявий назорат департаменти билан ҳамкорликда мактабгача ва мактаб таълими соҳасига ажратилган маблағни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича 155 та назорат ва мониторинг тадбири ўтказилган. Бунда 5724 ташкилот ва муассаса қамраб олинди, аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига тегишли тартибда юборилди.

Вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати коррупциявий ҳаракатларни ўз вақтида аниқлаш, оқибатлари, келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупциявий ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш орқали тизимда давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ мақсадли сарфланишини таъминлаш, бюджет қонунчилигига риоя этилишини профилактика қилиш, мониторинг ва назорат ўрнатиш, шунингдек, давлат харидлари жараёнида қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишга қаратилган.

Айни шу талаблар асосида ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида қатор қонунбузарликлар аниқланмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 43-ДМТТ ўрганилганда, 2023 йил сентябрь ойи учун юритилган “қора дафтар”га кўра, шу йил сентябрь, октябрь ойи давомида 21 бола йўлланмасиз, рўйхатга киритилмасдан ташкилотга қатнагани маълум бўлди. Сентябрь ойида тўрт бола йўлланма чиққан санадан олдин рўйхатга киритилиб тарбияланган.

Сентябрь, октябрь ойи учун 10 нафар бола учун ота-оналардан йиғилган 1 миллион 556 минг сўм бадал пули директорга, 2 боладан йиғилган 184 минг сўм тарбиячига берилган. Жами 12 бола учун йиғилган 1 миллион 740 минг сўм бадал пули ташкилот ҳисоб-рақамига кирим қилинмаган.

Афсуски, бу каби ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам кўзга ташланмоқда. Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги 23 ва 30-ДМТТларида тарбияланувчиларга берилиши режалаштирилган мурабболи бутерброт ўрнига нон берилган, берилмаган озиқ-овқат маҳсулотлари эса харажатга чиқарилиб, ўзлаштирилган, шунингдек, 30-ДМТТда 2023 йилнинг сентябрь ойдан буён нонуштага сариёғ ва пишлоқ маҳсулотлари берилмаган.

Мазкур коррупцион ҳолатлар ва молия хўжалик соҳасига оид қонунбузилишлар бўйича расмийлаштирилган маълумотнома ҳамда бошқа тегишли ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган ишлар ва тегишли ҳужжатлар “e-anticor.uz” платформасига жойлаштириб борилмоқда.

Вазирликнинг 2023 йилда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари 82 балл билан баҳоланиб, яшил ҳудуддан ўрин олди. 2022 йилда бу кўрсаткич 52 балл бўлиб, фаолият қониқарсиз ва қизил ҳудудда эди.

2024 йилга режалаштирилган вазифаларимиз кўп. Вазирлик тизимидаги барча харажатлар мониторингини йўлга қўйиш, аниқланган хавф-хатарлар тўғрисидаги маълумотлар асосида жойларда тезкор назорат тадбирларини ўтказиш, шунингдек, тизим ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга оширишда амалдаги меъёрларга риоя этилиши, ортиқча тўловларга йўл қўймасликка қаратилган чора-тадбирлар кўриш, харид жараёнини қатъий назоратга олиш кабиларга жиддий эътибор қаратилади. Ҳудудларга чиққан ҳолда фаолиятдаги коррупциявий ҳолатлар ва хавф-хатарлар аниқланади. Вазирликда коррупцияни келтириб чиқарувчи хавфни аниқлаш ва бошқариш бўйича таклифлар, товар-моддий бойликлар адолатли тақсимланишини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш, ходимларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиб бориш тизимини жорий этиш, бунда ходимларнинг иш ҳажми ва эхтиёжидан келиб чиқиб моддий бойликлардан фойдаланиш тартибини белгилаш, давлат харидлари бўйича ҳар бир товар позицияси кесимида харид нархларини республика бўйича таҳлил қилиб бориш, нархларни энг мақбул бўлишига эришиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Мазкур чора-тадбирлар орқали коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниши, фаолиятнинг очиқлигига эришилиши ва зиммасига юклатилган вазифалар ижросига нисбатан ходимлар масъулиятининг янада ортиши, ходимларнинг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқи юксалиб бориши, фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг самарадорлигини таъминлашга эришилади.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Рисолат МАДИЕВА ёзиб олди

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu