Коррупцияга қарши кураш

.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳисоботи (2023 йил 1-ярим йиллик)

2 август 2023 йил
image

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида 2023 йилнинг 6 ойи давомида муайян ишлар амалга оширилиб, қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, маъмурий ислоҳотлар натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 29 мартдаги 73-сонли буйруғи билан вазирлик марказий аппаратида 7 та штат бирлигидан иборат Коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларида эса 1 нафардан бош мутахассис штат бирликлари жорий қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси ташкил этилди.

“Коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси тўғрисида”ги низом вазирнинг 2023 йил 13 апрелдаги 88-сонли буйруғи билан тасдиқланиб, ходимлар ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни тасдиқланган лавозим йўриқномалари ва бошқарманинг иш режаси асосида амалга ошириб келмоқда.

Вазирнинг 2022 йил 5 январдаги 2-сонли буйруғи билан қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ички локал ҳужжатлар янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштирилиб, 12 та ички локал ҳужжатлар вазирнинг 2023 йил 27 июндаги 196-сонли буйруғи билан янги таҳрирда тасдиқланиб, амалиётга жорий этилди.

Ушбу ички локал ҳужжатлар барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларга ҳамда тизим ташкилотлари ва муассасаларига электрон шаклда, шунингдек, раҳбарлар ва ходимлар эътиборига етказилди, уларнинг матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамияти ходимларга яна бир бор тушунтирилди ҳамда барча ходимлар имзо чеккан ҳолда таништирилди ва уларнинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши назоратга олинди.

Шунингдек, вазирликнинг айрим функциялари коррупциявий хавф-хатарлари баҳоланиб, хавф-хатарларнинг 2023 йил учун бирлашган харитаси ҳамда коррупцияга қарши кураш бўйича 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Вазирлик жамоаси, барча даражадаги раҳбар ва ходимлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган амалдаги қонунчилик ва ички идоравий локал ҳужжатлар, касбий одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича қуйи ташкилотлар ва педагогларга шахсий намуна бўлиши юзасидан 2023 йил 30 майда вазирнинг мурожаатномаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон, 2023 йил 25 январдаги ПФ-14-сон, 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон Фармонларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларида вазирликка юклатилган вазифалар юзасидан қонунчилик ҳужжатларини сўнгги ўзгартиришларга мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчаларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ, ошкора ҳамда шаффоф танлов асосида, интернет тармоғида онлайн режимда намойиш этиш орқали ташкил этилиб, ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш ишлари белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.

Жумладан, вазирликда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш мақсадида, жорий йилнинг олти ойида 107 нафар ходимлар бўйича декларациялар текширилган ва тўлдирилган бўлиб, ишга қабул қилиш бўйича 344 нафар номзодлар ўрганилган ва тегишли хулоса берилган.

Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун барча турдаги алоқа каналларининг (“Ишонч телефони”, электрон почта манзиллари, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа саҳифалар) узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, назоратга олинган.

Масалан, 2023 йилнинг ўтган даврида Вазирликка келиб тушган коррупцияга оид 536 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, 41 та тезкор маълумотлар умумлаштирилди.

Жумладан, 2 та (Хоразм, Навоий вилоятлари бўйича) хизмат текшируви ўтказилиб, материаллар прокуратура идораларига юборилди.

Вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Бунда, Вазирлик функциялари соҳасидаги тадбирлар ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишлар тўғрисидаги тафсилотлар, рақамлар, ҳисобот ва маълумотлар мунтазам равишда расмий веб-сайт, интернет тармоғидаги бошқа саҳифаларда ҳамда журналист ва блогерлар иштирокидаги тадбирларда, шунингдек, бошқа ОАВда ёритиб келинмоқда.

Вазирликда энг яхши таклифларни танлаш, харидлар бўйича тузилган шартномалар юзасидан контрагентлар текширувдан ўтказилган, натижаси бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Барча даражадаги ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим, малака кўникмаларини янада ошириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда 14 та ҳудуд ва туман шаҳарларни қамраб олган ҳолда июнь ойида семинар тренинглар, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмалари ходимлари учун эса 9 июнь куни ЗУМ платформаси орқали махсус ўқув семинар ўтказилди.

Жорий йилнинг 5-6-июль кунлари эса ички назорат тузилмалари ходимлари учун “Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти таҳлили, ички локал ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, муаммолар ва таклифлар” мавзусида амалий махсус ўқув семинар ўтказилиб, ходимлар услубий таъминланди.

Тизим ходимлари ва фуқаролар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва унда фойдаланиш учун 7 та тақдимот материаллари тайёрланиб, жойларга етказилди.

Бир сўз билан айтганда, Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш ишларини янада кучайтириш, ҳужжатлар ва белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu