ТАЪЛИМ СОҲАСИДА КОРРУПЦИЯГА ЎРИН БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК

30 май 2023 йил
image

Бугун ҳеч ким инкор этмайди — коррупция миллат равнақи, юрт тараққиёти ҳамда ҳар бир соҳа ривожига тўсиқ бўлувчи жамият қусурларидан биридир.

Айни пайтда юртимизда олиб борилаётган халқчил ислоҳотларнинг дастлабки шарти ҳам очиқ ва ошкоралик тамойилларига асосланган коррупциясиз жамият қуришдир.

Шу маънода Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг тизимидаги бошқарув ва таълим ташкилотлари фаолиятини шаффоф тамойил асосида ташкил этиш бўйича барча зарур чоралар олиб борилмоқда.

Хусусан, вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ўзида акс эттирувчи тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Коррупция ҳолатлари ҳақида тезкор хабар бериш мақсадида тегишли Ишонч телефонлари ҳамда бошқа алоқа каналлари узлуксиз ишлаб турибди.

Энг муҳим қадам сифатида соҳага дахлдор масъул ходимларнинг ҳуқуқий билимлари доимий ошириб борилиши натижасида айни вақтда тизимдаги коррупцион ҳолатларнинг кескин камаётгани, мен ўйлайманки, таълим ташкилотлари фаолиятининг янада ривожланишига туртки бермоқда.

Бунда дастлабки эътибор сифатида ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш жараёнида уларнинг коррупциявий ҳатти-ҳаракатларда қатнашмаслик, ўз ваколатларини суистеъмол қилмаслик бўйича билим ва малакалари қай даражада эканлигига қаттиқ синовдан ўтказилиб, уларнинг бу борадаги мажбуриятларини англатиш чоралари кўрилмоқда. 

Шу билан бирга вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ, ошкора ҳамда шаффоф танлов асосида, интернет тармоғида онлайн режимда намойиш этиш орқали ташкил этилиб келинмоқда.

Коррупцион ҳолатларга кескин курашиш бўйича жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ишлар устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилганлиги катта ижобий натижаларга олиб келади.

Айтиш лозимки, вазирлик ўз фаолиятига доир барча жараёнлар, хусусан, давлат харидлари, давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишлар тўғрисидаги ҳисобот ва маълумотларни мунтазам равишда вазирлик веб-сайти, расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларида кенг ёритиб келмоқда. Шунингдек, ОАВ сўровлари ҳамда журналист ва блогерлар иштирокидаги турли даражадаги тадбирларда бу ҳақида батафсил маълумот бериб келинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, тизим фаолиятини шаффоф ташкил этиш, меҳнат, молиявий ва ҳуқуқий муносабатларда қонунчилик талабларидан оғишмай, чин инсонийлик тамойилларига амал қилишда соҳа фидойилари ва масъулларининг билим ва малакалари етарли эканлигига ишонаман.

Ва яна аминманки, вазирлик жамоаси, барча даражадаги раҳбар ва ходимлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, касбий одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича қуйи ташкилотлар ва педагогларга шахсий намуна бўлиб келишмоқда.

Соҳа фидойиларининг баҳамжиҳат шиорларидан бири ҳам шу: таълим соҳасида коррупцияга ўрин бўлмаслиги керак.
 

Ҳилола Умарова,

Мактабгача ва мактаб таълими вазири

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu